19/01/2024
«Капалак эффекти» деган феномен бор.
Дунёнинг қаеридадир капалакнинг қанот қоқиши дунёнинг бошқа бир бурчагида тўфон юз беришига сабаб бўлиши мумкин, дейилади.
Бу асоссиз фараз эмас.
Бу табиий фанлар ўрганган илмий ҳодиса.
Украиналик блогерни мақоласини ўқигандим.
Ёдимда қолганича ёзаман.
Кўп йиллар аввал ўша инсон республика миқиёсида чоп этиладиган жиддий бир газета муҳарририятида ишлайди.
Кунлардан бир кун унда ҳеч қандай асоссиз, мақсадсиз бир ғоя туғилади.
У бу ҳақида бош муҳарририга айтади.
Ғоя шундай бўлган: истакларни амалга оширадиган сеҳрли гугурт доналари сотамиз, деган эълонни газетада чоп этиш.
Сеҳрли гугуртнинг ўзи эса йўқ.
Кутилмаганда муҳаррирга бу фикр маъқул келади, «почему бы нет, бу газетани қизиқарлироқ қилиши мумкин "маркетинг юриш" бўлиши мумкин» дейди.
Шундай қилиб беъмани эълон газета саҳифасида чоп этилади.
Орадан муддат ўтиб таҳририятга ўша гугуртни олишни истаган харидор қўнғироқ қилади.
Муҳаррир жавобгарликни фикр муаллифига юклайди.
Ҳалиги инсон энг яқин дўкондан оддий гурурт олиб келади ва устига «сеҳрли гугуртлар» деган ёзувни ёпиштиради.
Тез орада милиция формасида кийинган харидор таҳририятга келади.
Муаллиф шарлатанлик учун уни ҳибсга олиш операцияси деб тушунади ҳолатни.
Нима бўлса бўлар деб харидорга гугуртни узатади.
— Нархи қанча? - дейди ҳалиги инсон.
— Амалга ошишни истаган истагинг учун қанча тўлашни ҳоҳласанг шунча, дейди сотувчи.
Харидор кўзи ёшга тўлиб чўнтагидан бир даста пул олиб узатади. Бу муаллифнинг бир неча ойлик иш ҳақига тенг миқдордаги пул бўлади.
— Буни қандай ишлатаман? дейди харидор.
— Ниятингни айтиб истасанг ёқ, истасанг синдир дейди сотувчи.
Бу эълон бўйича мурожаат қилган биринчи ва охирги талабгор бўлади.
Орадан йиллар ўтиб ҳалиги инсон муаллифни излаб таҳририятга боради.
— Ўшанда олдингга келаётганимда менда мўъжизага ишонишдан бошқа ҳеч қандай имкон йўқ ҳолатда эдим.
Қизим ҳаёт билан ўлим ўртасида, медицинадан нажод йўқ эди.
Мўъжиза юз берди, ҳозир ҳаммаси яхши, бу учун сендан миннатдорман, дейди.
Манга ўша мақола муаллифининг бир гапи жуда таъсир қилган:
«Биласизларми, мени ақлимга бу идея келишини ўзи ақлсизлик эди.
Аммо мен уни бажардим.
Менинг бутун республика бўйлаб миллионлаб тиражда сотиладиган газетада чоп этилган аҳмоқона ғоям фақат биргина инсоннинг тақдирини ўзгартириб юбориши учунгина туғилганини кеч англадим.»
Ўзим ҳам шундай ҳолатларни кўп кузатганман.
Ютубда бир видео бор, давомийлиги икки соатга яқин ёки ошиқроқ.
Видеода бошидан охиригача тарақ-туруқ қилиб кир юваётган эскигина кир ювиш машинаси бор холос).
Кўрувлар сони эса миллиондан анча ошган.
Ютуб алгоритми фақат бошдан охиргача кўрилганларни ҳисобга олиб санашини ҳамма билса керак.
Бир масалада маслаҳат, жавоб керак эди.
Қидирув тизимларидан ҳам, мутахассислардан ҳам жавоб ололмаганман.
Бир сафар ютубга кирсам шу саволим ёзилган видеога кўзим тушди.
Қизиқиб очдим, тармоққа жойланганига тўрт йилдан ошган экан, ман олтинчи кўрувчи бўлдим.
Таваккал кўришга қарор қилдим.
Саволимга аниқ жавобни олдим ва ягона «👍»ни ҳам босдим.
Ўша муаллиф гапини такрорламоқчиман, сизга ҳақиқатда керак нарса ўзи сизни топади. Бу учун бутун бошли галактикада кичкинагина «тизим носозлиги» юз бериши керак бўлса ҳам.