23/01/2024
АҚШ Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказиб берди.
АҚШ ўзининг USAID дастури орқали Ўзбекистонга қиймати 420 минг доллардан зиёд бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказди. Бу орқали туберкулёз ва руҳий саломатлик муассасаларидаги беморлар, ногиронлиги бўлган болалар ва кексалар 6,5 млн порция озиқ-овқат билан таъминланади.
23 январь куни АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали 422,8 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказиб берди.
Ёрдам 120 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларига тарқатилади. Жумладан, мамлакатдаги ёрдамга энг кўп муҳтож фуқаролар, хусусан, туберкулёз ва руҳий саломатлик муассасаларидаги беморлар, ногиронлиги бўлган болалар ва кексаларни 6,5 миллион порция озиқ-овқат билан таъминлайди.
Ушбу дастур овқатланиш сифатини яхшилаш ҳамда аҳолининг энг заиф қатламлари соғлом ва самарали ҳаёт кечириш учун етарли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат билан таъминланиши бўйича давом этаётган Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни намойиш этади», — деди USAID`нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хофман.
Маълумот учун, 2010 йилдан бери USAID`нинг Озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 4,4 миллион АҚШ долларидан ортиқ 1500 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилган. Беғараз ёрдам сифатида берилган бу озиқ-овқат маҳсулотлари АҚШнинг нотижорат ташкилоти — Resource and Policy Exchange томонидан Соғлом авлод учун халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда тарқатилади.
Ўзбекистонга олиб келинган ушбу янги инсонпарварлик ёрдами АҚШнинг мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш доирасидаги қиймати 122 миллион АҚШ долларидан ортиқ узоқ муддатли сармоясининг бир қисми ҳисобланади. Шу билан, АҚШ ҳукуматининг сўнгги 20 йилда давомида мамлакатга кўрсатган ёрдами миқдори 1 миллиард АҚШ долларидан ошди