24/05/2017
БАХТЛИ БЎЛИШ СИРИ НИМАДА?
Одамлар доим бахтли бўлишга интилади. Аммо бахтнинг ўзи нима эканлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бахт ҳам одам табиати сингари турлича кўринишда бўлади. Масалан, бир одам бой бўлса, ўзини бахтли сезади, бошқаси вақти чоғликка интилади, яна кимдир фарзанд бахт эканлигини таъкидлайди. Хуллас, бахт нима эканлиги ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Нима деб ўйлайсиз, одам шу интилаётган нарсаларга етиша олмаса ҳам, бахтли бўлиш мумкинми? Мумкин. Негаки бахт у бутун умрлик иморат ёки мустаҳкам дарахт эмас. У вақтинчалик одамга хуш кайфият берувчи дамлар, эришилган ютуқ ва муаммодан қутулганлик ҳисси. Хуллас, одам муаммолардан холи ва кўтаринки кайфиятда бўлса, ўзини бахтли сезади. Лекин, афсуски, бу кайфият бир қанча вақтдан кейин ўтиб кетади, ҳал бўлган муаммолар ўрнини бошқа муаммолар эгаллайди... Лекин мана шу бахтлилик ҳиссини одамнинг ўзи уйғота олади. Шунчаки шукур қилишни ўргана олиш керак, холос. Сизга мисол тариқасида бир ҳикояни баён қилмоқчиман.
Бир аёл доим хуш кайфиятда юрар экан. Бир куни дугонаси унга ҳавас қилишини айтибди:
— Сен жуда бахтли аёлсан-да! Сенга ҳавасим келади... Менинг эса бошим ташвишлардан чиқмайди. Мен шу қадар бахтсизманки...
— Ҳаётимизда турли вазиятлар бўлади. Ҳар кунимиз ташвиш, юмушлар, можароларга бой. Иш, оила юмушлари, болалар ва эримга вақт ажратишим керак. Бунинг барчаси меҳнат, оғир меҳнат. Мен ҳам баъзан сен сингари бу юмушлардан чарчайман. Аммо менинг бир сирим бор. Шу сир бахтли бўлишимга ёрдам беради, — дебди қувноқ дугона табассум билан.
— Қандай сир? Менга ҳам айт! — шошганча сўрабди ғамгин аёл.
— Менинг сирим — миннатдорлигимда.
— Тушунмадим, кимдан миннатдорсан? — деб ҳайратланиб сўрабди ғамгин аёл.
— Мен шу дунёдан миннатдорман, у менга ҳар куни янги таассуротлар беради. Турмуш ўртоғимдан миннатдорман, у оиламиз мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Фарзандларимдан миннатдорман, улар оналик меҳрини ҳис қилишимга ёрдам беради, қувноқ кулгилари билан мени хушнуд қилади. Дўстларим ва қариндошларимдан миннатдорман, улар қийин вазиятларда менга ёрдам беришади, хурсандчилигимни баҳам кўришади. Мен табиатдан миннатдорман, у ширин ноз-неъматлар билан таъминлайди, гўзаллиги билан дилни яйратади. Асосийси, мен буларнинг барчасини яратгандан миннатдорман. У мен ўзимни бахтли сезишимга имкон берди. Бахтли бўлиш учун шунчаки миннатдор бўлиш керак. Шунда ташвишлар ҳам у қадар даҳшатли бўлиб кўринмайди.
— Миннатдор бўлиш... — ғамгин аёл ўйланиб қолди. — Наҳотки ҳамма нарсадан миннатдор бўлсам, ўзимни бахтли сезсам-а?
— Ҳа, негаки шукур қилган киши ҳар бир одам, нарса ва вазиятнинг яхши томонини кўра олади. У шукур қилгани учун бахтни ҳис қилади. Шундай экан, миннатдор бўлишни шу кундан бошла. Мана шу кун сен янги билим олдинг ва уни бошқаларга улашиш имконига эга бўлдинг! Муаммоларинг қанча кўп бўлмасин, бу кун ажойиблигини ҳис қиляпсанми?
Камола Шарофзода